Аҳоли учун бўш иш ўринларини яратиш, ишга муҳтожлар, айниқса ёшларни касб-ҳунар ва фойдали машғулотларга йўналтириш жамият фаровонлигига хизмат қилади. Бунинг самарасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони ҳам сезиларли камаяди.
Ички ишлар вазирлиги академиясининг курсант қизлари Яшнобод туманидаги моно-марказ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи марказ зарур техник воситалар ва инновацион технологиялар билан жиҳозланган. Бу ерга келганлар ўзлари танланган касбни ўрганиш билан бир қаторда, бандлик масалалари бўйича маслаҳат олишади. Бундан ташқари, хорижда ишлаш истагини билдирган фуқароларга чет тиллар бўйича қисқа муддатли курслар фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Танишув жараёнида марказда яратилган шарт-шароитлар, касб-ҳунар ўрганишга муҳтож қатлам вакиллари билан амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Курсант қизлар малакали мутахассислар билан суҳбатлашиб, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича саволларга жавоб олишди.
Анжуманлар залида марказ фаолияти тақдимот тарзида намойиш этилди. Марказ раҳбари ўринбосари Ҳабиба Исломова ва Академия ўқув-саф қисми курслар бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, подполковник Мақсуда Хўжаназарова сўзга чиқишди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар ҳамда хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, айниқса жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни қарор топтиришда бу каби марказлар муҳим ўрин тутаётгани таъкидлаб ўтилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати