Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Мобил малака ошириш курси йўлга қўйилди

19 Октябр 2026, 23:01

43

Андижон вилоятида ички ишлар органлари ва миллий гвардиянинг ўрта бўғин раҳбарлари ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими ходимлари учун мобил касбий малака ошириш курси йўлга қўйилди.

Мазкур тизим Президентимизнинг “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ходимларнинг замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга мос касбий билим, амалий кўникма ҳамда бошқарув компетенцияларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилмоқда.

Ўқув дастурида “Жамоат хавфсизлигига замонавий таҳдидлар: ички ишлар ва миллий гвардия органларининг устувор вазифалари”, “Хизмат юкламасини бошқариш ва шахсий таркибнинг психологик барқарорлигини сақлаш”, “Коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва касб одобига риоя этилишини таъминлаш”, “Инқирозли вазиятларда раҳбарнинг жамоатчилик билан мулоқоти”, “Фаолиятни режалаштириш ва бошқаришда геоахборот тизимлари ҳамда рақамли таҳлилдан фойдаланиш”, “Халқ билан мулоқотда ишонч муҳитини яратиш ва “хавфсиз маҳалла” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш”, “Ёшлар, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳалла фаоллари билан ҳамкорлик” ҳамда бошқа долзарб мавзулар қамраб олинган.

Машғулотлар Ички ишлар вазирлиги академияси, Малака ошириш институти, Жамоат хавфсизлиги университетининг илмий-амалий салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилари, шунингдек Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия марказий аппарати вакиллари томонидан олиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, машғулотлар давомида ходимларнинг интеллектуал салоҳияти ва ақлий қобилият кўрсаткичини (IQ) аниқлаш, ностандарт ва экстремал вазиятларда тўғри ва мустақил қарор қабул қилиш қобилиятини баҳолашга қаратилган комплекс психологик ҳамда касбий диагностика тадбирлари ҳам ташкил этилади. Ўқув курси якуни бўйича синовлар қабул қилиниб, ходимларга тегишли сертификатлар берилади. Ўз навбатида, юқори натижа кўрсатган ходимлардан раҳбарлик лавозимларига номзод кадрлар захирасини шакллантириш кўзда тутилган.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech