Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Минтақавий киберхавфсизлик даражасини оширишда муҳим қадам

16 Август 2025, 04:08

17

10-15 август кунлари ИИВ академиясида Тожикистон ИИВнинг Душанбе шаҳри бўйича бошқармаси бошлиғи ўринбосари, милиция полковниги Файзали Сайдализода бошчилигидаги делегация аъзолари учун махсус ўқув машғулотлари ташкил этилди.

Академиянинг малакали профессор-ўқитувчилари, тажрибали амалиёт ходимлар томонидан олиб борилган машғулотларда кибержиноятларнинг таҳдид кўлами, уларга қарши курашиш фаолиятини замонавий услубда ташкил этиш, рақамли технологиялар воситасида содир этилган жиноятларни тергов қилишнинг ўзига хос жиҳатлари кенг ёритилди. Шунингдек, ахборот тизимидан фойдаланиб содир этилаётган фирибгарлик ва ўғрилик жиноятларини тергов қилишда исботланиши лозим бўлган ҳолатлар ҳамда тергов жараёнида қўлланиладиган илғор методлар бўйича амалий билимлар берилди.

Ўқув машғулотларидан сўнг тожикистонлик ҳамкасблар ИИВ академиясининг ўқув-тарбия жараёни, илмий-тадқиқот ишлари ва халқаро ҳамкорлик йўналишлари билан яқиндан танишдилар. Уларга олийгоҳнинг мақсад ва вазифалари, ички ишлар органлари учун юқори малакали раҳбар кадрлар тайёрлашдаги устувор йўналишлар ҳамда таълим жараёнига татбиқ этилган илғор педагогик технологиялар ҳақида маълумот берилди.

Делегация аъзолари Маънавият ва маърифат маркази, Академия тарихи музейи ва “Ватанпарварлик бурчаги”даги экспозицияларни кўздан кечирди. Замонавий спорт иншоотлари, амалий машғулот майдонлари меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди.

Томонлар ёш авлодни нафақат профессионал билим ва кўникмаларга эга мутахассис, балки юрт шаънини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қила оладиган баркамол шахс сифатида тарбиялаш масалаларида фикр алмашдилар. Сўнгги йилларда ИИВ академиясида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, курсант ва тингловчилар учун яратилган қулай инфратузилма ҳамда халқаро тажриба алмашишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Мухтасар айтганда, мазкур ўқув машғулотлари икки давлат ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида тажриба алмашиш, ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва минтақавий киберхавфсизлик даражасини оширишда муҳим қадам бўлди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech