ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтказилган тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда турли диний конфессия вакиллари, ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари, олим ва тадқиқотчилар иштирок этди.
“Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида бўлиб ўтган тадбирда жаҳон бўйлаб мураккаб глобаллашув жараёни кечаётган шароитда диний ва миллатлараро бағрикенгликни таъминлаш барқарорликнинг муҳим омили эканлиги таъкидланди. Сўз олганлар юртимиздаги турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро дўстлик муҳитини шакллантириш, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётганини эътироф этишди.
– Юртимиз заминида яшаган халқлар асрлар мобайнида ягона оиладек аҳил-иноқ бўлган, – дейди ИИВ Академияси катта ўқитувчиси, подполковник Миёнфаррух Саидов. – Ўзбекистон мустақиликка эришгандан сўнг бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, жамиятдаги барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Бош Қомусимизда ҳам юртимиз фуқароларининг тенг ҳуқуқ ва бурчларга эгалиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Тадбирда “Конфессиялараро муносабатларда зиддиятларни бартараф этиш ҳамда бағрикенгликни таъминлашда фаннинг ўрни ва имкониятлари”, “Аждодларимиз илмий-маънавий меросида бағрикенглик ғоялари”, “Халқ дипломатиясининг диний бағрикенглик тамойилларига амал қилишдаги ўрни”, “Диний фундаментализм ва экстремизм ғоялари тарқалишининг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар” каби мавзуларда маърузалар ўқилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати