Пойтахтимиздаги Миллат фидойилари хиёбонида ёшларнинг ватанпарварлик руҳини юксалтиришга қаратилган тадбир ўтказилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда ички ишлар органлари фахрийлари, маънавият тарғиботчилари, ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар муҳтарам Президентимизнинг эзгу ғоя ва ташаббуси асосида барпо этилган мажмуанинг бугунги кундаги аҳамияти, хиёбонда номлари битилган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг умр йўли ҳақида гапириб бердилар.
Мустақиллик йиллари юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳалок бўлган ўғлонларимизни ёд этиш, уларнинг улкан жасорати ва қаҳрамонлигини улуғлаш маънавий бурч эканлиги таъкидланди.
– Ёшларимиз миллат фидойиларининг мардлиги ва матонати ҳақида билиши, она Ватанимизга юксак дахлдорлик ҳисси билан яшаши керак. Шундагина бугунги озод ва обод, тинч-осуда ҳаётимизнинг қадрини теранроқ ҳис қиладилар, – деди академиянинг Тезкор-қидирув фаолияти кафедраси катта ўқитувчиси, истеъфодаги генерал-майор Мирсамад Адилов.
Тадбир давомида курсантлар томонидан Ватан, тинчлик, эзгулик ҳақида шеърлар айтилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати