Ёшлар куни муносабати билан ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 22-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашди.
Самимий мулоқот ёш авлод вакилларининг муаммоларини тинглаш, интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил қилинди.
Учрашувда академия бошлиғи сўз олиб, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор жиҳатларига тўхталди. Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар биринчи навбатда ёшлар манфаатига қаратилганини алоҳида таъкидлади.
Бугун Янги Ўзбекистон ёшлари мамлакатимиз тараққиётининг муҳим даврида яшаётгани, уларнинг ўқиши, ўзи хоҳлаган касбларни эгаллаши, хорижий тиллар, компьютер технологиялари, инновацион ютуқларни мукаммал ўрганиши учун кенг имкониятлар яратилгани, ҳар бир ёш давлатимизнинг юксак эътиборини муносиб рағбат, мустаҳкам таянч, мотивацион куч деб билиши лозимлиги айтиб ўтилди.
Академия бошлиғи ёшлар онгини заҳарлаш, ҳаётини издан чиқаришга қаратилган таҳдид ва хатарларга ҳам тўхталди. Уларни маънавий хуружлар, интернет орқали кириб келаётган ёт ғоялар, гиёҳвандлик ва бошқа иллатлардан огоҳ бўлишга чақирди.
Учрашувда маскан тарбияланувчилари келажак орзу-мақсадлари билан ўртоқлашди. Айниқса академияда таълим олиш, ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиш учун қандай билим ва фазилатларга эга бўлиш кераклиги уларни қизиқтирди. Ўқув даргоҳи фаолиятига бағишланган видеоролик ва “Ҳаёт академияси” фильмининг намойиши улар учун айни муддао бўлди. Бундан руҳланган ёшлар келгусида ушбу даргоҳда ўқиш ва шарафли касб эгаси бўлиш истагини бирдирди.
Шу куни меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига эсдалик савғалари улашилди. Академия бошлиғи масканда яратилган замонавий шароитлар билан танишиб, эзгулик ва поклик рамзи сифатида ҳудудга дарахт кўчатлари экди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати