Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Масофавий таълим: кадрлар тайёрлашда замонавий ёндашув

10 Январ 2026, 20:32

965

Жорий ўқув йилидан ИИВ академиясида масофавий таълим шаклида кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилди.

Сир эмаски, бугунги кунда рақамли технологиялар барча соҳаларни қамраб олмоқда. Таълим жараёнлари такомиллашиб, масофадан туриб ўқитиш қулай ва самарали воситага айланиб бормоқда. Эндиликда таълимнинг замонавий ёндашуви академияда ҳам қўлланилмоқда.

Масофавий таълим факультети бошлиғи, полковник Ойбек Камаловнинг айтишича, янги тизимни самарали йўлга қўйиш мақсадида миллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг энг илғор тажрибалари ўрганилди. Махсус платформа яратилиб, ўқув жараёнига жорий қилинди.

Мазкур платформадан компьютер ёки мобиль телефондан махсус код ва пароль ёрдамида фойдаланилади. Дастурга дарс жадваллари, фанлар доирасида ўтиладиган мавзуларга оид маъруза, видеомаъруза ва мультимедиа материаллари, электрон адабиётлар ва бошқа зарур маълумотлар жойлаштириб борилади.

Бундан ташқари, “zoom” орқали онлайн вақт режимида маърузалар тинглаш, профессор-ўқитувчилар билан масофадан туриб интерфаол мулоқот қилиш мумкин. Тингловчиларнинг фанларни ўзлаштириши онлайн тест синовлари, ҳар семестр сўнггида эса якуний назорат имтиҳонлари орқали баҳолаб борилади.

Энг муҳими, тингловчилар ишдан ажралмаган ҳолда мустақил таълим олиш, касбий салоҳиятини ошириш, билим ва кўникмаларини амалиётдаги реал шароитларда қўллаш имконига эга бўлади. Таълим жараёнида инсон омили камайиб, шаффоф тизим яратилади.

Айтиш жоизки, бу йил масофавий таълим шаклига ички ишлар органлари ва бошқа ҳамкор тузилмалардан 600 нафардан зиёд ходим қабул қилинди. Улар учун қисқа муддатли ўқув йиғини доирасида машғулотлар ташкил этилди. Тингловчилар “elms.akadmvd.uz” платформаси билан таништирилиб, тизимга интеграция қилинди.

Факультет катта ўқитувчи-методисти Асқар Холовнинг таъкидлашича, масофали ўқитишда вақт ва макон билан боғлиқ муаммолар юзага келмайди, таълимга кетадиган харажатлар сезиларли даражада тежалади. Бу эса мавжуд ресурсларни зарур эҳтиёжларга йўналтириш имконини беради. Шу боис, келгусида масофавий таълим имкониятларини кенгайтириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, масофавий таълим тизим учун кадрлар тайёрлаш жараёнларини илғор ёндашувлар асосида ташкил этиш билан бирга, ички ишлар органларининг фаолият самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech