Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Марказий Осиё – фаровонлик ва тараққиёт макони

3 Феврал 2026, 19:37

76

Бугун халқаро майдонда “Марказий Осиё руҳи” деган иборат тез-тез янграмоқда. Минтақа давлатларининг ўзаро ишонч ва яқин қўшничиликка асосланган муносабатлари юксак даражада эътироф этилмоқда.

ИИВ академиясининг Хорижий кадрлар билан ишлаш факультетида сиёсий таҳлилчи Равшан Ҳакимов билан ўтказилган давра суҳбатида минтақавий интеграция жараёнлари, “Янги Марказий Осиё” концепциясининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.

Ҳуқуқшунос олим минтақа халқлари ўртасидаги тарихий яқинлик, давлатлараро муносабатларнинг шаклланиши, кейинги йилларда кўп қиррали алоқаларни жадал ривожлантириш йўлида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар, айниқса Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар ва уларнинг моҳияти ҳақида мулоҳаза юритди.

Таъкидлаб ўтилганидек, тарихий ришталарнинг қайта тикланиши, очиқ ва конструктив мулоқотнинг йўлга қўйилгани натижасида Марказий Осиё давлатлари муносабатида янги давр бошланди. Кўплаб минтақавий муаммолар ижобий ҳал этилди. Мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқалар мустаҳкамланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик жадал ривожланди. Бунинг натижасида минтақа “муаммолар ҳудуди”дан “имкониятлар макони”га айланди, Марказий Осиёга нисбатан муносабат кескин ижобий томонга ўзгарди.

Тадбирда дунёдаги геосиёсий жараёнлар, давлатлараро зиддиятлар, юзага келаётган турли таҳдид ва хатарлар ҳам таҳлил қилинди. Ҳозирги мураккаб шароитда ўзаро ҳамжиҳатлик, минтақавий фаровонлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш омиллари айтиб ўтилди. Мулоқот давомида академияда таълим олаётган тожикистонлик ва қирғизистонлик курсантлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech