Давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш тўғрисидаги қарори криминоген омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этишда мустаҳкам замин яратмоқда.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятидаги “қизил” тоифада бўлган бешта маҳалла ИИВ академиясига бириктирилган.
Ўтган давр мобайнида профессор-ўқитувчилар ва магистратура тингловчиларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Қибрай туманидаги “Зебунисо”, Чирчиқ шаҳридаги “Мирзо Ғолиб”, “Нур”, “Ёшлик”, “Бирлик” маҳаллаларида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Дастлабки босқичда “маҳалла еттилиги” ходимлари учун ўқув-семинарлар ўтказилиб, яхлит манзилли ишлаш бўйича устувор йўналиш ва вазифалар етказилди. Тизимнинг фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида “еттилик” вакиллари зарур услубий материаллар билан таъминланди.
Ўрганишлар давомида маҳаллаларнинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган ҳар бир омил ва жиноятчилик илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилинди. Ҳудудларда хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилган таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилиб, “йўл харита”ларда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунга кўра, криминоген хавфи юқори жойларга ташвиш тугмалари, турли хил замонавий камералар, тунги чироқлар ўрнатилиб, қўшимча куч ва воситалар жамоат тартибини сақлашга йўналтирилди. Кўп қаватли уйлар домофон билан таъминланди. Айрим объектлар техник қўриқловга олиниб, тегишли корхона, ташкилот ва муассасаларга ҳавфсизлик чораларини кучайтириш борасида тақдимномалар киритилди.
Маълумки, аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, ҳар бир оила, шахс билан манзилли ишлаш ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Уйма-уй ўрганишлар жараёнида маҳаллаларда яшаётган 60 дан зиёд ижтимоий профилактика объектлари аниқланди. Улар билан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш учун “маҳалла еттилиги” вакиллари бириктирилди.
Ҳар бир маҳаллада тарғиботчи гуруҳлар ташкил қилиниб, аҳоли билан доимий учрашувлар ўтказиш йўлга қўйилди. Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, криминоген вазиятдан хабардорлигини ошириш мақсадида профилактика ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Бундан ташқари, “йўл харита”лар ижроси доимий мониторинг қилиниб, аниқланган камчиликлар масъул раҳбарлар, мутасадди ташкилотлар ва “маҳалла еттилиги” вакиллари иштирокида ҳар бир маҳалла кесимида муҳокама қилиб борилди.
Амалга оширилган кенг қамровли чора-тадбирлар самарасида маҳаллалардаги муҳит сезиларли даражада яхшиланди. “Мирзо Ғолиб”, “Ёшлик”, “Бирлик”, “Зебунисо” маҳаллаларида жорий йил бошидан биронта ҳам жиноят қайд этилмаган бўлса, “Нур” маҳалласи “қизил”дан “сариқ” тоифага ўтди.
Ҳозирда ҳудудларга илғор ёндашув ва амалиётларни жорий қилиш, ҳар бир маҳалланинг ўз тажрибасини йўлга қўйиш, аҳоли учун барқарор хавфсиз муҳит яратишга қаратилган илмий-амалий ишлар ҳамжиҳатликда давом эттирилмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати