Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Öz Ўзб Рус En

Янгиликлар

Манзилли ёндашув криминоген вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилади

18 Ноябр 2026, 21:07

79

ИИВ академияси ишчи гуруҳи томонидан Навбаҳор туманида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўрганишлар давомида маҳаллаларда хавфсиз ва барқарор муҳитни шакллантириш, жиноятчиликни илмий-амалий таҳлил қилиш, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, таълим муассасасидан бириктирилган масъуллар томонидан “Келачи”, “Бешработ”, “Арабхона”, “Қизилой” маҳаллаларида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Айрим йўналишларда камчиликлар борлиги айтилиб, “маҳалла еттилиги” тизими билан биргаликда профилактика ишларини кучайтириш юзасидан тавсиялар берилди.

“Юқори Бешработ”, “Пахтакор” ва “Қоровултепа” маҳаллаларида пробация назоратида турган шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларга ҳуқуқий масалаларда ёрдам кўрсатилди. “Юқори Бешработ” маҳалласида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг турмуш шароити ва муаммолари ўрганилди.

“Навбаҳор” маҳалласида туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда 8 нафар фуқаронинг масаласи жойида ҳал этилди. Аҳоли томонидан билдирилган барча мурожаатлар тегишли ташкилотларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.

Шунингдек, “Ўзбекистон”, “Ҳаловаттепа” маҳаллаларида аҳолини кибержиноятлардан ишончли ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Тарғибот учрашувлари ташкил қилиниб, фуқароларга “APK Qo‘riqchi” мобил иловасининг имкониятлари ва ундан фойдаланиш тартиби тушунтирилди.

Бундан ташқари, вилоят ва туман мутасаддилари билан ўтказилган ишчи учрашувларда жамоат тартибини сақлаш, жиноятларни аниқлаш ва фош этиш, қидирувдаги шахсларни ушлаш, тергов жараёнида қонунийликни таъминлаш ҳамда бошқа долзарб масалалар муҳокама қилиниб, тизимнинг фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган тегишли вазифалар белгилаб олинди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech