Юртимизда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликни жиловлаш борасида манзилли ёндашув асосида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, ИИВ Академияси томонидан криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятчиликнинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганган ҳолда “илмий диагноз” қўйиш орқали олдини олиш бўйича ҳудуд методикалари яратилган эди. Айни кунларда таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари Қарши шаҳрининг “Ғафур Ғулом” номли маҳалласида ҳудуд методикасини амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашишмоқда. Чунки сўнгги пайтларда маҳалла ҳудудида жиноятларнинг айрим турлари ортиб, аҳоли муаммоларини ҳал этишда муаммолар юзага келаётган эди.
Ишчи гуруҳи вакиллари ички ишлар органлари ва секторлар мутасаддилари, маҳалла фаоллари билан биргаликда маҳалла ҳудудида жиноятчиликни жиловлаш, аҳоли муаммоларини уйма-уй ўрганиш, бандлик ва ижтимоий ҳимоя масалаларининг ечимини топишда амалий ёрдам кўрсатяптилар. Жойларда ўтказилаётган учрашувларда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноятнинг сабаб ҳамда шарт-шароитлари таҳлил қилиниб, профилактик чора-тадбирларни олиб бориш, келгусида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан ваколатли органларга тавсиялар берилмоқда.
Ҳамжиҳатликда – ҳикмат бор, деганларидек, ҳамкорликда амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар криминоген вазиятни яхшилашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати