“Ижтимоий профилактика ҳафталиги” доирасида Қўнғирот туманининг “Қипчоқ”, “Қўнғирот” ва бошқа маҳаллаларида қатор тадбирлар ташкил қилинди.
ИИВ академияси, манфаатдор идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ҳафталик доирасида аҳоли билан бевосита мулоқотлар уюштирилиб, уларнинг муаммо ҳамда таклифлари ўрганилди. Ижтимоий профилактика объектлари билан манзилли ишлаш, уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка йўналтириш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, бўш иш ўринлари таклиф қилинди.
Бундан ташқари, аҳоли, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, мамлакатимизда кечаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилиб, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг устувор мақсади тушунтирилди.
Бир сўз билан айтганда, ўтказилган манзилли тадбирлар “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш, аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш орқали ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда муҳим аҳамият касб этди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати