Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Малака ошириш курслари бошланди

30 Январь 2024, 04:01

898

Ички ишлар вазирлиги академиясида тизим тасарруфидаги таълим муассасалари педагог кадрлари учун малака ошириш курслари ташкил қилинди.

Маълумки, бу борадаги вазифалар давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган эди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида республика Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиби белгиланди. Шу билан бирга, академия қошида инновацион имкониятларга эга янги марказ фаолияти йўлга қўйилди.

Марказ томонидан ташкил қилинган дастлабки ўқув йиғинига ИИВ академияси ҳамда Малака ошириш институти ўқитувчилари жалб қилинган. Малака ошириш курси “Таълим муассасаларида ўқув жараёнини ташкил этишнинг норматив-ҳуқуқий асослари”, “Илғор таълим технологиялари ва педагогик маҳорат”, “Ҳуқуқшунослик ва касбий фанларни ўқитиш методикаси”, “Илмий-тадқиқот фаолияти ва методологияси” ҳамда “Амалий хорижий тил” каби 5 та ўқув модули бўйича олиб борилмоқда. Машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг тажрибали мутахассислари томонидан илғор ёндашув асосида ўтказилмоқда.

Айтиш жоизки, 29 январдан 24 февралга қадар давом этадиган малака ошириш курси якунида ўқитувчилардан тест синови қабул қилинади. Бундан ташқари, улар эгаллаган билим ва кўникмалари аосида битирув малака ишини ҳимоя қиладилар.  

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech