Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Маҳаллалардаги муҳит ва криминоген вазият ўрганилди

16 Май 2026, 15:30

103

Президентимизнинг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси Навоий вилоятида ҳам изчил таъминланмоқда.

Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов бу борадаги ишларнинг амалий натижаси билан танишиш мақсадида 14-15 май кунлари Навоий шаҳри ва Қизилтепа, Навбаҳор, Кармана туманларидаги маҳаллаларда бўлди.

Манзилли ўрганишларда давлатимиз раҳбари қароридан сўнг амалга оширилган ишлар, жорий йилнинг 4 ойи давомида эришилган натижалар, маҳаллаларнинг бугунги кундаги криминоген ҳолати, келгусидаги долзарб вазифалар масъул раҳбарлар, “маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда академия профессор-ўқитувчилари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Академия бошлиғи маҳаллаларга бориб, чораклик “йўл хатира”лар ижросини ўрганди. Фаоллар билан мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини тинглади. Аҳоли учун осойишта ва барқарор муҳит яратиш, одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ҳудудларга жорий қилинган тажрибалар билан танишди.

Айтиш жоизки, академия профессор-ўқитувчилари томонидан бириктирилган маҳаллаларда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳудудларда сўнгги йилларда қайд этилган жиноятлар ва уларнинг омиллари илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиб чиқилди. Криминоген вазиятга салбий таъсир кўрасатаётган 50 га яқин “жиноят ўчоқлари” ва овлоқ жойлар аниқланди.

“Илмий хулоса – тавсия – натижа” тамойили асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, “йўл харита”ларга киритилди. Мутасадди ташкилотлар билан биргаликда маҳаллаларда 62 та замонавий камера, 9 та “SOS” ташвиш тугмаси ўрнатилиб, 9 та “хавфсиз кўча”, 8 та “хавфсиз уй” ташкил қилинди. Ижтимоий профилактика доирасида ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар аниқланиб, “маҳалла еттилиги” вакилларига йўналтирилди.

Бундан ташқари, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал этиш мақсадида меҳнат ярмаркалари, сайёр қабуллар, ижтимоий профилактика ҳафталиклари ташкил этилиб, уларни қийнаётган масалалар алоҳида назоратга олинди. Жойларда профилактик ва тарғибот тадбирлари ўтказилиб, фуқаролар, айниқса ёшлар қатлами вакилларининг ҳуқуқий масъулияти оширилди.

Яхлит тизимда амалга оширилган ишлар натижасида ўтган ойлар мобайнида 4 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмади. Яна 3 та маҳалла “сариқ”, 6 таси “яшил” тоифага ўтказилди.

Учрашувлар чоғида академия бошлиғи жиноятчилик омилларига барҳам бериш, ижтимоий профилактикани самарали ташкил этиш, ёшлар ва аёллар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг криминоген вазиятдан хабардорлигини ошириш, камералаштириш қамровини кенгайтириш зарурлигини қайд этди.

Шу билан бирга, айрим маҳаллаларда қайд этилган жиноятларнинг асл омилларини ўрганиш, аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш, уларнинг ҳар бири бўйича манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, низоли оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, “маҳалла еттилиги”нинг фаоллигини ошириш, айрим маҳаллаларда ижобий натижа бераётган тажрибаларни оммалаштириш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech