ИИВ академиясида маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” ва “ташкилий-штаб фаолияти” йўналишларида таълим олаётган курсантлар билан бирга, ихтисослик кафедралари профессор-ўқитувчилари ҳам қатнашди.
Давра суҳбатида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошқарма бошлиғи Т. Алтмишев, академия бошлиғи ёрдамчиси И. Ҳимматов ва бошқалар сўз олди.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, жиноятчиликни жиловлаш, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрстаётган омилларни аниқлаш орқали ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилиётгани, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январдаги қарори билан амалиётга янгича ёндашувлар татбиқ қилингани тизим самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди.
Тадбирда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг устувор йўналишлари, ижтимоий профилактикани амалга оширишда эътибор қаратиладиган асосий жиҳатлар, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жорий қилинаётган рақамли платформалар ва бошқа янгиланишлар хусусида атрофлича сўз юритилиб, битирувчи курсантларга зарур тавсиялар берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати