Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Маҳаллаларда жиноятчиликнинг камаяётгани – янги тизим самараси

25 Май 2026, 23:06

16

Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган қарори “инсон қадри учун” деган тамойил асосида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалий натижадорлигига хизмат қилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида бўлиб, “Ёшлик”, “Бирлик”, “Нур” ва “Мирзо Ғолиб” маҳаллаларининг криминоген вазияти билан танишди.

Маълумки, мазкур маҳаллалар сўнгги уч йилдан буён “қизил” тоифада қолаётган эди. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида академия профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан маҳаллаларда кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Жойларга чиққан ҳолда жиноятчилик омиллари илмий-амалий ёндашувлар асосида ўрганилиб, уларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Манзилли “йўл харита”лар шакллантирилиб, ижрога қаратилди.

Маҳаллаларда 80 та ташвиш тугмаси, 10 дан ортиқ замонавий камера ва бошқа воситалар ўрнатилди. “Жиноят ўчоқлари”, жамоат жойлари ва ҳуқуқбузарлик содир бўлиши мумкин бўлган ҳудудларда қўшимча патруллик йўналишлари ташкил қилиниб, 30 дан ортиқ объект техник қўриқловга олинди.

Хонадонларни манзилли ўрганиш давомида ижтимоий-маиший муаммоси бор шахслар аниқланиб, “маҳалла еттилиги”га бириктирилди. Шу каби тизимли ишлар самарасида “Ёшлик” ва “Мирзо Ғолиб” маҳаллаларида жорий йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган бўлса, “Нур”, “Бирлик” маҳаллалари “сариқ” тоифага ўтказилди.

Академия бошлиғи маҳаллаларни ўрганиш жараёнида фаоллар билан мулоқот қилди. Криминоген вазиятга энг кўп салбий таъсир кўрсатаётган омиллар, оилалардаги муҳит, аҳолини қийнаётган ижтимоий муаммолар, “маҳалла еттилиги”нинг фаолияти, ижтимоий профилактика ва бошқа йўналишда амалга оширилаётган тадбирлар юзасидан фикр алмашди.

– Инсон манфаатларини таъминлаш фаолиятимизнинг асосий мезони саналади. Бунинг учун, аввало, одамлар билан доимий мулоқот қилишимиз, уларнинг ҳаётий муаммоси ва дарду ташвишини ҳис қилишимиз керак. Муҳтарам Президентимиз белгилаб берган устувор вазифалар, яхлит тизим асосида ишлашнинг бош мақсади ҳам шу – маҳаллаларда чинакам хавфсиз муҳитни яратиш орқали аҳоли розилигига эришишдир, – деди академия бошлиғи.

Учрашувлар чоғида профилактика ишларини янада кучайтириш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ечимини кутаётган масалаларни жойида ижобий ҳал этиш, ёшлар ва аёллар муаммоларига манзилли ёндашиш, низоли оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш зарурлиги таъкидланди.

“Маҳалла еттилиги” вакиллари ҳамда масъулларнинг таклифлари тингланиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech