Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 275-сонли умумтаълим мактабида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга бағишланган учрашув ўтказилди.
Унда ички ишлар органлари масъуллари, “Авайхон”, “Олтинтепа”, “Кўҳна мевазор”, “Гулзоробод” ва бошқа маҳаллаларнинг “маҳалла еттилиги” тизими ходимлари, вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар, шунингдек бир гуруҳ фаоллар ҳамда ИИВ академияси вакиллари қатнашди.
Учрашувда маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасида қилинаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Жорий йил бошидан ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида янги тизим йўлга қўйилгани, манзилли “йўл харита”лар асосида криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди.
Очиқ мулоқот чоғида маҳаллаларда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва шароитлари ҳам муҳокама қилинди. Масъулларга криминоген омилларни ҳисобга олган ҳолда профилактик тадбирларни кучайтириш, аҳоли билан манзилли ишлаш, ҳудудлардаги муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш юзасидан тавсиялар берилди. ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари томонидан жиноятчиликни жиловлаш борасида илғор тажрибалар яратилгани, уларни амалиётга татбиқ этиш орқали натижадорликни ошириш муҳимлиги қайд қилинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати