20-21 ноябрь кунлари ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов томонидан Хоразм вилоятининг криминоген вазияти мураккаб маҳаллалари манзилли тарзда ўрганилди.
Таълим муассасаси вакиллари дастлаб Урганч шаҳридаги “Мустақиллик” маҳалласида бўлди. Масъуллар, маҳалла раиси бошчилигидаги “еттилик” аъзолари билан учрашувда жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Академия бошлиғи давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 августдаги ПҚ-253-сон қароридаги вазифалар, “йўл харита”ларда белгилаб олинган чора-тадбирлар ижроси билан танишди. Маълум бўлишича, шу кунгача маҳалла ҳудудида 28 та “жиноят ўчоғи” аниқланган. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида жойларга 29 та замонавий камера, 19 та ташвиш тугмаси ўрнатилиб, 96 та объект техник қўриқловга олинган.
Мулоқот чоғида “еттилик” вакилларига жиноятчиликнинг сабаб ва шароитларини бартараф этиш, аҳолининг бандлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар билан мақсадли ишлаш, маиший-турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек хавфсиз уй ва кўчаларни ташкил этиш, ҳудудларни камералаштириш, техник ва жисмоний қўриқловга олишни жадаллаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Янгиариқ туманидаги “Янгиобод” маҳалласи ҳам “сариқ” тоифага киритилган. Маҳалла ҳудудида ўғирлик ва бошқа олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар қайд этилган. Улар оилалардаги носоғлом муҳит, ижтимоий профилактиканинг етарли даражада ташкил этилмагани натижасида келиб чиққан.
Академия бошлиғи мазкур маҳалла фаоллари билан учрашувда ҳар бир хонадан, кўча ва ҳудудда хавфсиз муҳит яратиш учун аҳоли, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, профилактик ишлар таъсирчанлигини ошириш, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни ўз вақтида бартараф этиш зарурлигини таъкидлади. “Муҳими, янги тизим асосида амалга оширилаётган ишларимиз ўз самарасини кўрсатиши, маҳаллалар жиноятдан мутлақо холи бўлиши керак”, - деди академия бошлиғи.
Ҳудудларни ўрганиш жараёнида вилоят Ички ишлар бошқармасида масъул раҳбарлар ва ёш ходимлар иштирокида учрашув ташкил қилинди. Йиғилишда таълим муассасаси битирувчиларининг иш бошлаган пайтдан бугунгача бўлган 3 йиллик фаолияти, касбий компетенциялари таҳлил қилинди.
“Ҳозирги даврда ички ишлар органлари фаолиятига, тизим ходимларига талаб кучайиб бормоқда. Сизлар мунтазам ўз устингизда ишлаб, билим салоҳият ва профессионал маҳоратингизни ошириб боришингиз лозим. Юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган ислоҳотларимиз натижаси сизларга боғлиқ”, - деди академия бошлиғи.
Учрашувда соҳавий хизмат раҳбарлари ва ёш кадрларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланди. Таълим сифатини янада ошириш, ходимлар фаолиятидаги муаммоларни ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказилди.
Хизмат сафари давомида ИИВ академик лицейида олиб борилаётган таълим жараёнлари билан танишилди. Ўқитувчи ва мураббийларга ёш авлоднинг касбий фазилатларини юксалтириш, ўқитишнинг илғор ёндашувларини жорий қилиш, кадрларни мақсадли тайёрлаш юзасидан тавсиялар берилди. Ўқувчилар иштирокида ўтказилган учрашувда академия фаолиятига оид видеоролик намойиш қилиниб, келажак мақсадлари йўлида аъло баҳоларга ўқиётган ўғил-қизларга ташаккурнома берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати