Шу кунларда Чирчиқ шаҳридаги “Иқбол” маҳалласида криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Айтиш жоизки, маҳаллада ўғрилик, тан жароҳати етказиш ва бошқа турдаги жиноятларнинг салмоғи юқори. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинмагани натижасида маҳалла “қизил” тоифада қолмоқда.
Эндиликда бу борадаги ишлар янгича тизим асосида ташкил этиляпти. Криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ўрганилиб, аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда. Бунда “маҳалла еттилиги” тизими вакилларига ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари илмий-амалий ва методик ёрдам беришмоқда.
Ўрганишлар жараёнида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси таъсирчанлигини ошириш мақсадида жиноят муҳокамалари, сайёр суд мажлислари ҳам ўтказиляпти. Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди билан ҳамкорликда ташкил этилган судда фуқаролар томонидан содир қилинган маъмурий ҳуқуқбузарликлар кўриб чиқилди.
Муҳокамадан сўнг фаоллар иштирокида маҳалланинг криминоген вазияти таҳлил қилиниб, ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш, фуқароларда ҳуқуқий маданият ва жавобгарлик ҳиссини кучайтириш, ёшлар, хотин-қизлар ва ишсизлар билан манзилли ишлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати