Маҳаллаларда жиноятдан холи, осойишта ва хавфсиз муҳитни шакллантириш бугун давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу борада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда аҳоли муаммоларига манзилли ёндашиш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, профилактика ишлари самарадорлигини ошириш, ҳудудларда хавфсиз муҳитни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов “пойтахт намунаси” асосида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Миробод туманининг “Тонг юлдузи” ва “Қўйлиқ ота” маҳаллаларида бўлди.
Ўрганишлар давомида маҳаллаларнинг криминоген вазияти, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчилик омиллари, “102” тизими орқали келиб тушаётган мурожаатлар, ҳудудларни техник ва жисмоний қўриқловга олиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, “Тонг юлдузи” маҳалласида 2137 та оила истиқомат қилиб, профилактик ва пробация ҳисобида турувчи 150 нафардан ортиқ шахслар мавжуд. Кейинги пайтларда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлардан ўғирлик кўп қайд этилган бўлиб, уларнинг аксарияти савдо дўконлари, хонадонлар, темир йўл вокзали ҳудудида содир қилинган.
Масъуллар, “маҳалла еттилиги” вакиллари ва академия магистратураси тингловчилари билан учрашув чоғида маҳалланинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш, ҳудудларда хавфсизлик чораларини кучайтириш, профилактик ишларни манзилли ташкил қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий масъулияти ва огоҳлигини ошириш, “жиноят ўчоқлари”га барҳам бериш зарурлиги қайд этилди.
Шундай сўнг академия бошлиғи “Қўйлиқ ота” маҳалласи вакиллари билан учрашди. Муҳокама жараёнида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича “маҳалла еттилиги” тизими билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар борлиги маълум бўлди.
Хусусан, ҳуқуқбузарлик содир этганлар орасида алоҳида тоифадаги шахслар салмоғи юқори эканлиги, олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг кўпи бошқа ҳудуддан келган фуқаролар томонидан содир этилаётганини инобатга олиб, мазкур йўналишда профилактик ишларни жадаллаштириш лозимлиги айтилди. Тизим самарадорлигини ошириш учун ҳар бир жиноятнинг оқибатига эмас, балки унинг келиб чиқиш сабабларини барвақт аниқлашга эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.
Бундан ташқари, масъулларга кундалик фаолиятни таҳлил қилиб бориш, ижтимоий профилактикани самарали ташкил қилиш, криминоген вазияти оғир ҳудудлар ва аҳоли гавжум жойларга қўшимча куч-воситаларни йўналтириш, фуқаролар билан доимий мулоқотда бўлиш юзасидан топшириқ берилди.
Манзилли ўрганишлар давомида хавфсиз муҳитни шакллантиришда йўл қўйилган камчиликлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати