Шу кунларда Ички ишлар вазирлиги академиясида навбатдаги қабул жараёнлари бошланган.
Магистратуранинг “ташкилий-тактик бошқарув”, “ташкилий-стратегик бошқарув” ва “илмий-педагогик фаолият” мутахассислик йўналишларида ўқиш истагида бўлган номзодлар кириш имтиҳонларини топширмоқда.
Имтиҳонлар махсус касбий танлов (ёзма иш ва тест синови) ҳамда якка тартибдаги якуний суҳбат шаклида ўтказилмоқда. Якуний суҳбат масъул раҳбарлар, бой амалий тажрибага эга мутахассислар ва профессор-ўқитувчилардан иборат комиссия томонидан қабул қилинмоқда.
Айтиш жоизки, ички ишлар органларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар таълим жараёнларини илғор ёндашувлар асосида ташкил этиш, тизим учун профессионал раҳбар кадрларни тайёрлаш, бошқарув механизмларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Соҳа олдидаги устувор вазифалардан келиб чиқиб, кириш имтиҳонларида ҳар бир номзоднинг билим салоҳияти холисона ва адолатли баҳоланмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати