Шу муносабат билан ИИВ академияси саф майдонида бўлиб ўтган тадбир аввалида давлат мадҳиямиз янгради.
Таълим муассасаси раҳбарияти, саф қисми офицерлари ва кундузги таълим курсантлари иштирок этган тадбирда академия бошлиғи ўринбосари, полковник Шерзод Таджиметов сўз олиб, йиғилганларни мустақиллик байрами ҳамда янги ўқув йили муносабати билан қутлади.
Таъкидланганидек, ички ишлар органларидаги янгиланишларга ҳамоҳанг равишда академиядаги таълим жараёнлари ҳам ислоҳ қилиб борилмоқда. Кейинги йилларда назария ва амалиёт уйғунлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, айниқса дуал таълим тизимининг самарали йўлга қўйилгани юқори малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Жорий ўқув йилида ҳам ўқитишнинг илғор ёндашувларини татбиқ қилиш, таълимни рақамлаштириш, масканнинг моддий-техника базасини замон талаблари даражасида кучайтириш ва бошқа йўналишлардаги ишлар изчил давом эттирилади.
Тадбирда 2024/2025 ўқув йили давомида белгилаб олинган усувор мақсад ва вазифалар айтиб ўтилди. Курсантлар касбий билим ва жанговар-жисмоний кўникмаларни пухта ўзлаштиришлари, ўқув ва хизмат интизомига қатъий амал қилишлари, замонавий имкониятлардан оқилона фойдаланишлари зарурлиги таъкидланди.
Шу куни ўтган ўқув йили якунлари бўйича тенгдошларига ўрнак бўлган бир гуруҳ аълочи, фаол ва ташаббускор курсантлар тақдирланди. Хизмат бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган ходимларга эса Ички ишлар вазирлигининг идоравий мукофотлари топширилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати