ИИВ академиясида турдош олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган волейбол мусобақаси якунланди.
Айтиш жоизки, олти кун давомида бир-биридан қизиқарли беллашувлар бўлиб ўтди. Аввалги турнирлардан фарқли ўлароқ, бу гал ҳар бир жамоа жанговар руҳ билан майдонга тушди. Баҳслар ҳам шунга мос бўлди. Гоҳ тактика, гоҳида жисмоний устунлик, баъзан эса омад жамоаларни ғалаба ёхуд мағлубият томон етаклади. Шу боис, мухлислар кутилмаган натижалар гувоҳига айланишди.
Ниҳоят, натижалар сарҳисоб қилинди. Унга кўра, Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари энг кўп очко билан биринчи ўрин ва кубокни қўлга киритишди. ИИВ академияси жамоасига иккинчи ўрин насиб қилган бўлса, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси курсантлари мусобақани учинчи ўрин билан якунладилар.
Тақдирлаш маросимида сўз олганлар ҳамкорликда ўтказилаётган мусобақалар ёшларни Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, осойишталиги ва фаровнлиги йўлида янада жипслаштиришга, чинакам ватанпарвар кадрларни тайёрлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди. Шундан сўнг ғолиб ва совриндонларга медал, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати