Ички ишлар вазирлиги академиясида таълим олаётган қўшни мамлакатлар ёшлари учун минифутбол бўйича турнир ташкил қилинди.
Ички ишлар органлари ходимлари кунига бағишлаб Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети ташаббуси билан ўтказилган мусобақада 4 та жамоа академия бошлиғи кубоги учун куч синашди.
Турнирнинг очилиш маросимида ўқув муассасаси раҳбарияти вакиллари сўзга чиқиб, спорт тинчлик элчиси сифатида халқларни ҳамжиҳатликка ундовчи ришта экани, мазкур тадбир ҳам курсантлар ўртасида дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
Уч кун давом этган турнирда ишқибозлар шиддатли ва қизиқарли учрашувлар гувоҳи бўлишди. Муҳими, ҳар бир ўйин қардошлик муносабатларини ривожлантириш, ёшларнинг жисмоний тайёргарлиги ва касбий маданиятини ошириш, мамлакатларимиз ўртасидаги яқин қўшничилик анъаналарини муносиб давом эттиришга хизмат қилди.
Якуний натижаларга кўра, мусобақа ғолиблиги ва академия кубоги иккинчи курс курсантларига насиб этди. Қолган ўринларга биринчи ҳамда учинчи курс вакиллари сазовор бўлди. Совриндорлар тантанали руҳда тақдирланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати