Пойтахтимиздаги Ренессанс кино уйида ёшлар ҳаётига оид ватанпарварлик филмларига бағишланган ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Кинематография агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, шунингдек, мудофаа ва ҳуқуқни муҳозафа қилувчи тузилмалар тасарруфидаги олий таълим таълим муассасалари раҳбарлари, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, киноарбоб ва ижодкорлар, ёшлар жамоатчилиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Агентлик директори Фирдавс Абдухолиқов муҳтарам Президентимиз томонидан миллий кинематографиямиз ривожига қаратилаётган юксак эътибор, халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлида яратилаётган филмлар, айниқса “Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография” шиори остидаги “Кинокарвон” лойиҳасининг аҳамияти ҳақида тўхталди.
Шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов сўз олиб, ҳар бир янги асар халқимиз, аввало, ёшлар қалбига йўл топиши, улар онгига Ватанга садоқат, мардлик, жасорат сингари олийжаноб туйғуларни сингдириши, тинчлик ва осойишталик бебаҳо неъмат эканлигини тарғиб қилиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбир давомида Кинематография агентлиги ва олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов агентлик раҳбарлари билан мулоқот қилиб, ёшлар учун Ватанни севишга даъват этувчи янги филмлар яратиш, ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этишга келишиб олди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати