13–15 август кунлари ИИВ академиясида Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда навбатдаги ўқув йиғини ўтказилди.
Машғулотлар терговчи ва тезкор ходимларнинг кибержиноятларни аниқлаш, фош этиш ҳамда тергов қилиш бўйича касбий салоҳиятларини ошириш, амалиётга илғор ёндашувларни татбиқ қилиш мақсадида ташкил этилди.
Ўқув йиғини давомида соҳа мутахассислари ва академия профессор-ўқитувчилари томонидан кибержиноятларга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари, ушбу турдаги жиноятларни фош этишга қаратилган тезкор-қидирув тадбирлари, онлайн наркодўконлар ва нарколабораторияларни аниқлаш, интернет фирибгарлиги, криптовалюта, фишинг ва банк карталари билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш, кибержиноятларни тергов қилиш, замонавий ахборот тизимлари ва дастурларнинг имкониятлари ҳамда бошқа долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Шунингдек, тингловчилар Кибержиноятларга қарши курашиш департаментида бўлиб, амалиётда қўлланилаётган ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва таҳлилий платформалар, махсус техник воситалар билан яқиндан танишдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати