Пойтахтимиздаги Халқаро Вестминстер университетида юзлаб иқтидорли талабалар таълим олади. Замонавий билимларни пухта эгаллаётган бу ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириб бориш ҳам муҳим.
Университет талабалари ва устозлари иштирокида ўтказилган тарғибот тадбири ана шу мақсадга қаратилди. Унда ахборот технологиялари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ва уларни содир этишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда ИИВ академияси магистратураси тингловчиси Санжар Қосимов ёшлар томонидан содир этилаётган кибержиноятлар статистикасига тўхталди. Уларнинг асл омилларини таҳлил қилиб, талабаларни интернет оламининг салбий жиҳатларидан огоҳлантирди.
Шу куни ёшларга ахборот технологияларидан фойдаланиб содир қилинаётган жиноятлар, уларнинг замонавий кўринишлари, содир этиш усуллари, ўз навбатида, киберҳужумлардан ҳимояланиш йўллари ҳақида кўплаб маълумотлар берилди.
Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини янада бойитдилар. Университет раҳбарияти билан ёш авлодни ёт иллатлардан асрашга қаратилган тарғибот тадбирларини мунтазам ўтказиб боришга келишиб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати