ИИВ академиясида битируволди “Финал” комплекс ўқув машғулотлари ўтказилди.
Машғулотлар қасддан баданга оғир шикаст етказиш, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан ноқонуний муомала қилиш, кибермаконда содир этилаётган фирибгарликлар ҳамда амалиётда кўп учраётган бошқа жиноятлар бўйича ташкил этилди.
Ўн кун давомида курсантлар ўқув тезкор-тергов гуруҳларига бўлинган ҳолда жиноят содир этилгандан суд жараёнигача бўлган процессуал ҳаракатларни мустақил равишда бажардилар. Машғулотлар профессор-ўқитувчилар билан бирга, тажрибали амалиёт ходимлари томонидан баҳолаб борилди.
– “Финал” машғулотларининг битирувчилар учун фойдали жиҳатлари кўп. Машғулотлар жараёнида ҳуқуқбузарликларни тўғри малакалаш, мустақил ва мақбул қарорлар қабул қилиш, ностандарт вазиятларда ўзини бошқара олиш кўникмалари шаклланади. Бу эса ёш кадрларнинг хизматга қисқа фурсатда мослашишида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Тергов-криминалистика факультети бошлиғи, полковник Дилшод Пайзиев.
Бир сўз билан айтганда, ўқув машғулотлари масъулиятли фаолият олдида турган курсантлар учун ўзига хос синов вазифасини ўтади. Пухта билим ва амалий кўникма эса муваффақият омилидир.
ИИВ академияси Ахборот хизмати