Шу кунларда Ички ишлар вазирлиги академиясининг 1-курс курсантлари Юқори Чирчиқ туманида бошланғич ҳарбий тайёргарликдан ўтишмоқда.
Дала ўқув масканида ўтказилаётган машғулотлар ёшларнинг билими, жанговар-жисмоний маҳорати ва маънавий дунёқарашини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Ёшлар иттифоқининг академиядаги бошланғич ташкилоти ташаббуси билан ташкил этилган тадбир айни шу жиҳати билан аҳамиятли бўлди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бурчга садоқат, ватанпарварлик, ҳалоллик, мардлик, жасорат каби ички ишлар ходими учун зарур бўлган хислатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунча беришди. Мамлакатимиз ички ишлар органларини халқчил тузилма сифатида шакллантириш устувор мақсадга айланган ҳозирги ислоҳотлар даврида тизим учун етишиб чиқаётган ёш кадрлар ҳар жиҳатдан замонавий талабларга мос бўлиши зарурлиги айтилди.
Мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшларга билим ва амалий кўникмаларни пухта эгаллаш, юқори мақсадларга интилиш, фаол ва ташаббускор бўлиш, инсоннинг чинакам шахс сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этувчи қийинчиликларни сабот билан енгиб ўтиш, келгусида профессионал кадр бўлиб она Ватанимиз ва халқимизга хизмат қилиш борасида тавсиялар берилди.
Курсантлар сўз олиб, устозларининг бой ҳаётий тажрибаси ва шарафли касб йўли давомида эришган ютуқлари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати