Ватанга қасамёд – ор-номус, ғурур ва садоқат рамзи. У ёш авлодни юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида шарафли бурчни мардонавор адо этишга даъват этади. Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари ҳам она Ватанимиз олдида тантанали равишда қасамёд қилдилар.
Тадбирда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, Академия раҳбарияти, соҳа ходимлари ҳамда фахрийлари, жамоатчилик вакиллари ва ота-оналар иштирок этди. Оркестр садолари остида муқаддас саф майдонига шон-шуҳрат ва жасорат тимсоли бўлган Жанговар байроқ олиб кирилди.
Ички ишлар органи ходими бўлишни мақсад қилган курсантлар она Ватанимиз, халқимиз ва Президентимизга садоқат билан хизмат қилишга, муқаддас бурчни виждонан бажаришга қасамёд қилдилар. Тантанали маросим саф майдонида йиғилган барча юртдошларимиз қалбида Янги Ўзбекистоннинг тинч-осуда ва фаровон ҳаёти, бағрикенг халқимизнинг яратувчанлик ва бунёдкорлик салоҳияти, эртанги ёруғ истиқболидан фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдирди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўз олар экан, тизимда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга тўхталди.
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида, аввало, инсон манфаатларини, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдек улуғвор мақсад турибди, – деди П.Бобожонов. – Сўнгги йилларда ички ишлар органларини халқ манфаатларига хизмат қиладиган халқчил тузилмага айлантириш мақсадида тизим фаолияти тубдан ислоҳ қилинди. Натижада, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича юзага келаётган тезкор вазиятга самарали таъсир ўтказа оладиган янги тизим яратилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, инсон қадри улуғланган Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг амалий ифодаси ёшларнинг билим салоҳияти, юксак маънавий фазилатлари, ҳаётга интилиши ва ғайрат-шижоатига боғлиқ. Соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Академиясида бакалавриат ва магистратурани ўз ичига оладиган икки босқичли замонавий олий таълим тизими, ўқув жараёнига назария билан амалиёт уйғунлигини таъминлаш учун янги таълим механизмлари жорий қилинди.
– Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев: “Янги Ўзбекистоннинг нафаси, суръати ва шиддатини аввало азиз ўғил-қизларимизнинг азму шижоати, дадил фикр ва таклифларида, эришаётган дастлабки ютуқларида кўраман”, дея алоҳида таъкидладилар. Академия курсанти деган шарафли номга сазовор бўлган йигит-қизлар ҳар қандай машаққат ва синовлардан чўчимай, замонавий билим ва касбий кўникмаларни мукаммал эгаллашлари, бир сўз билан айтганда, буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиб, давлатимизнинг юксак ишончини сидқидилдан оқлашлари керак. Зеро, мақсадимиз тизим учун интеллектуал салоҳияти ва профессионал билим даражаси юқори, маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, Ватан тақдирига дахлдор Янги авлод ички ишлар органларини камол топтиришдир, – деди П.Бобожонов.
Тантанали тадбирда ота-оналар номидан Роҳатой Сапарбаева, биринчи босқич курсантлари Ойгул Мамажонова ва Абдуқаҳҳор Раҳимовлар сўзга чиқди. Саф майдони бўйлаб тантанавор юриш буюк мақсадларни кўзлаган навқирон ўғил-қизларнинг ўз танлаган касбига меҳри ва садоқатини яна бир карра намоён этди.
Жамшид ХОЛОВ,
капитан.
Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар.