Аёл – меҳр-оқибат, садоқат тимсоли. Аёл қадри улуғланган юртда тинчлик барқарор, жамият фаровон, хайрли амаллар бардавом бўлади.
Ички ишлар вазирлиги академиясида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда таълим маскани бошлиғи, полковник Рустам Хатамов йиғилганларни байрам билан муборакбод этди.
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугунги фаровон ҳаётимиз ва ёруғ келажагимиз аёлларга боғлиқ, дея алоҳида эътироф этдилар. Чиндан ҳам, аёлдек мўтабар зотни улуғлаш, хотин-қизларга иззат-эҳтиром кўрсатиш халқимиз маънавий ҳаётининг ажралмас бўлагига айланган, – деди ўқув даргоҳи бошлиғи.
Эътироф этилганидек, юртимиз хотин-қизлари ҳар бир жабҳада ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Сўнгги йилларда ички ишлар органларида ҳам аёл ходималар сафи сезиларли ошди. Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида фидокоронона хизмат қилаётган хотин-қизларимиз давлатимизнинг юксак орден ва медаллари, идоравий мукофотлар, юқори унвонларга муносиб кўрилмоқда.
Байрам тадбирида бир гуруҳ ходималар Ички ишлар вазирлигининг “Бенуқсон хизматлари учун”, “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ва эсдалик қўл соатлари билан тақдирланди. Шунингдек турли жабҳаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар ҳамда фахрийлар пул мукофотлари билан рағбатлантирилди. Ўқув даргоҳи бошлиғи мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
– Жамиятимиздаги ислоҳотлар “инсон қадри учун” деган тамойилни рўёбга чиқармоқда. Бунинг замирида, энг аввало, халқимизни рози қилиш, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнатини муносиб қадрлашдек улуғ мақсадлар ётибди. Биз аёллар бундай эътибор ва ғамхўрликни юракдан ҳис этиб, она Ватанимизга садоқат билан хизмат қиламиз, – деди Ўқув-саф қисми курслар бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, подполковник Шоира Собирова.
Сана муносабати билан ўқув даргоҳининг Маънавият ва маърифат марказида ҳам тадбир бўлиб ўтди. Кундузги таълим курсантлари иштирок этган кечада байрам тилаклари билдирилди. Академия бошлиғи давлатимиз раҳбарининг хотин-қизларга йўллаган табригидаги устувор вазифаларга тўхталиб, “курсант қизларимиз давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланган ҳолда замонавий билим ва ютуқларни мукаммал эгаллашлари, жасур ва ватанпарвар кадрлар бўлиб етишишлари лозим”, деди.
Шу куни курсантларга миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара асарлари байрам совғаси сифатида туҳфа қилинди.
Тадбир элимиз ардоғидаги санъат усталари ҳамда бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом эттирилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати