Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ – ИНСОН ҲАЁТИНИ АСРАШНИНГ МУҲИМ ГАРОВИ

21 Май 2022, 07:05

1601

Ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйлаб бир кунда 3 мингдан ортиқ одам йўл-транспорт ҳодисаси қурбони бўлади. Шу боис, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бугун бир минтақа ёки ҳудуд эмас, бутун сайёрамиз миқёсида глобал муаммога айланмоқда.

Сўнгги йилларда республикамиз йўлларида ҳам инсон ҳаёти ва соғлигига жиддий хавф солаётган ҳодисалар сони сезиларли кўпайди. Биргина, ўтган йилнинг ўзида 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилиб, уларнинг аксарияти тезликни ошириш, ҳаракат қоидаларига риоя қилмаслик, пиёдалар ўтиш жойининг етишмаслиги оқибатида рўй бергани маълум бўлган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 11 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур соҳадаги муаммолар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди. Мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарларига ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш юзасидан зарур топшириқлар берилди. Шунингдек давлатимиз раҳбарининг “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, амалиётга бир қатор янгиликлар жорий этилди.

20 май куни Ички ишлар вазирлиги академиясида “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда инновацион ёндашувлар” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Транспорт, Ички ишлар ҳамда Инновацион ривожланиш вазирликлари вакиллари, ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти мутасаддилари, шунингдек Республика суд экспертизаси маркази, Тошкент давлат транспорт университети, “Транскасб” корхоналар уюшмаси ҳамда бошқа муассасалардан мутахассислар, эксперт ва олимлар иштирок этди.

Таълим маскани раҳбари Рустам Хатамов сўз олиб, илмий-амалий анжуманнинг мақсади, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, соҳани такомиллаштириш истиқболлари ҳақида тўхталди.

– Муҳтарам Президентимизнинг ушбу муаммога алоҳида эътибор қаратганлари бежиз эмас. Чунки йўлларда содир бўлаётган ҳар бир кўнгилсиз ҳодиса замирида, энг аввало, инсон тақдири, унинг ҳаёти ва соғлиги турибди. Мамлакатимизда автотранспорт воситалари сонининг йил сайин ошиб бораётгани натижасида йўл-транспорт ҳодисалари миқдорининг кескин кўпайгани мазкур соҳани комплекс ислоҳ этиш заруратини юзага келтирмоқда. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорида тизимни тубдан ислоҳ этишнинг устувор йўналишлари, хусусан, йўл ҳаракати иштирокчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш, автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш, йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтириш бўйича аниқ механизмлар белгилаб берилди. Шунингдек автомактабларнинг инновацион педагогик технологияларга асосланган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, ўқитувчилар, ҳайдовчи-йўриқчи ва мураббийларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш ишлари Ички ишлар вазирлиги академияси зиммасига юклатилди.

Илмий-амалий конференцияда долзарб мавзу атрофлича муҳокама қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳодбек Ашматов, ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Жамшид Каримов, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси ўринбосари Ҳасан Маҳмудов, Республика суд экспертизаси маркази директори Акрам Халилов, Тошкент давлат транспорт университети проректори Саид Шоумаров, ИИВ Академияси Автомобиль тайёргарлиги кафедраси бошлиғи Сайдулла Калауовнинг маърузалари тингланди. Соҳа вакиллари томонидан йўл ҳаракати иштирокчилари учун хавфсиз шарт-шароитларни яратиш, автомактаблар фаолиятини сифат жиҳатдан яхшилаш, йўл ҳаракатини ташкил этишни тўлиқ рақамлаштириш, амалдаги қонунчиликка янгиликлар киритиш, йўлларда ҳаракатланиш маданиятини шакллантиришга қаратилган комплекс профилактик чораларни кучайтириш борасида таклифлар билдирилди.

Конференция иши куннинг иккинчи ярмида шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирилди. Шунингдек тадбир иштирокчилари учун йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида қўлланилаётган замонавий техника ва махсус ускуналар кўргазмаси ташкил қилиниб, тарғибот материаллари намойиш қилинди. Анжуман доирасида ишлаб чиқилган таклиф-тавсиялар, илмий асослантирилган инновацион ёндашувлар соҳадаги муаммоларни ечимига хизмат қилади.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech