Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Жиноятчиликнинг олдини олишдаги илғор тажрибалар муҳокама марказида бўлди

30 Ноябрь 2023, 09:11

802

Ички ишлар вазирлиги академиясида “Жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги илғор тажрибалар” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек юртимиз ва хорижнинг бир қатор етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Академия бошлиғининг ўринбосари, полковник Руфтулло Нигматов илмий-амалий анжуманнинг мақсад ва вазифаларига тўхталиб, бугунги глобаллашув шароитида терроризм, экстремизм ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси, жиноий йўл билан топилган мулкларни легаллаштириш, коррупция, одам савдоси ва кибержиноятчилик каби жиноятлар давлатлар ва бутун инсониятнинг хавфсизлигига таҳдид солаётгани давлатларнинг бу соҳадаги ҳамкорлигини янада кенгайтириш заруратини келтириб чиқараётганига эътибор қаратди.

Онлайн ва офлайн форматда ташкил этилган мазкур анжуманда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Рахмонова Сурайё Махмудовна, сўз олиб, мамлакатимизда вояга етмаганлар (болалар)га нисбатан зўравонликнинг турли кўринишларига қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмлари тўғрисида тўхталиб ўтди. Асосий маърузачилар қаторида Россия Федерaцияси, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикаси ҳамда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, таълим муассасалари вакилларининг маърузалари тингланди.

Куннинг иккинчи ярмида халқаро анжуман иши сессияларга бўлинган ҳолда давом эттирилди. Халқаро ва маҳаллий экспертлар томонидан “Халқаро жиноят қонунчилиги – трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишнинг воситаси сифатида”, “Юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлиги: назарий-ҳуқуқий тартибга солиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти масалалари”, “Жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш”, “ИИОларининг терроризмга қарши курашиш фаолиятининг долзарб йўналишлари”, “Маиший зўравонликни олдини олишнинг психологик ва ҳуқуқий жиҳатлари”, “Кибер жиноятчиликнинг турлари ва унинг олдини олиш масалалари” каби мавзулар доирасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги илғор тажрибаларига қаратилган қатор таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу борада конференция якунларига бағишланган илмий мақолалар тўпламини чоп этишга келишиб олинди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech