Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Жиноятчиликнинг олдини олиш – барқарорлик гарови

22 Май 2026, 21:09

57

ИИВ академияси раҳбарияти томонидан пойтахтимизнинг Сергели туманида хавфсиз муҳитни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Маълумки, туман маҳаллаларига ИИВ академияси ҳамда Божхона институти профессор-ўқитувчилари жалб қилинган. Ишчи гуруҳлар томонидан криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар илмий-амалий ёндашувлар асосида ўрганилиб, жиноятчиликни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Ўрганишлар давомида шу кунгача маҳаллалар ҳудудида 20 дан ортиқ “жиноят ўчоқлари” аниқланди. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида жойларга замонавий камералар, “SOS” ташвиш тугмалари ва бошқа воситалар ўрнатилди.

Жиноят содир этилиши мумкин бўлган чекка ва аҳоли гавжум ҳудудларга қўшимча куч-воситалар йўналтирилди. Ижтимоий профилактика объектлари, алоҳида тоифадаги ва “хавф гуруҳи”даги шахслар рўйхати шакллантирилиб, “маҳалла еттилиги”га бириктирилди. Маҳаллаларда хавфсиз кўча ва уйлар ташкил этилди.

Академия бошлиғи Рустам Хатамов “Сўғдиёна” маҳалласида бўлиб, криминоген вазият тақдимоти билан танишди. Масъулларнинг ахборотини тинглаб, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахслар билан алоҳида ишлаш, оилалардаги ижтимоий-маиший муаммоларни ўрганиш, аҳоли ўртасида профилактик тадбирларни кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Манзилли ўрганишлар “Нурҳаёт” маҳалласида давом эттирилди. Ҳуқуқ-тартибот масканида мутасадди раҳбарлар, “маҳалла еттилиги” ва ишчи гуруҳлар билан биргаликда “пойтахт намунаси”ни кенг жорий этишга қаратилган ишлар муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида қайд этилаётган жиноятлар, уларнинг асл омиллари, хонадонлардаги муҳит, аҳолининг бандлик даражаси, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, ҳудудларни камералаштириш ҳамда криминоген вазиятга бевосита таъсир кўрсатувчи бошқа омиллар атрофлича таҳлил қилинди.

Академия бошлиғи оила-турмуш доирасида ҳамда ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга эътибор қаратди. Маҳаллада хавфсиз муҳитни шакллантиришда манфаатдор идора ва ташкилотларнинг ҳамкорликдаги масъулиятини ошириш, профилактика тадбирларида ҳар бир хонадон ва у ерда яшаётган фуқароларни қамраб олиш, бу борада “маҳалла еттилиги”нинг имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Шу куни долзарб йўналишлар бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech