Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Жиноятчиликни жиловлаш: амалий ишлар ижобий натижа бермоқда

6 Март 2026, 21:34

60

Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги қарори маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва кримигоген вазиятни барқарорлаштиришда долзарб аҳамият касб этмоқда.

ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Урганч ва Хива шаҳарларидаги “Навбаҳор”, “Истиқлол”, “Сангар”, шунингдек Боғот ва Урганч туманларидаги “Оқтепа”, “Оёқбоғ” маҳаллаларида бўлди.

Манзилли ўрганишлар чоғида “маҳалла еттилиги” тизими вакиллари билан мулоқот қилиниб, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли учун хавфсиз муҳит яратишга қаратилган кенг қамровли ишлар муҳокама қилинди.

Айтиш жоизки, шу кунгача академия профессор-ўқитувчилари томонидан мазкур маҳаллаларда тизимли ишлар амалга оширилди. Чораклик “йўл харита”лар ўрганилиб, аниқ чора-тадбирларни қамраб олган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларга 26 та замонавий камера, 19 та ташвиш тугмаси, 12 та тунги чироқ ўрнатилди. Кўп қаватли уйларнинг кириш-чиқиш жойларига 20 та домофон қўйилиб, 30 га яқин объектлар техник қўриқловга олинди. Криминоген хавфи юқори жойларга қўшимча профилактика инспекторлари ва патруль гуруҳлар йўналтирилди.

Бундан ташқари, хонадонларни ўрганиш жараёнида ижтимоий профилактика чора-тадбирлари амалга оширилиши лозим бўлган шахслар аниқланиб, “маҳалла еттилиги”га бириктирилди. Маҳалла гузарлари, ташкилот ва муассасаларда ўтказилган профилактик тадбирларда 900 нафарга яқин аҳоли қамраб олинди.

Кўрилаётган амалий саъй-ҳаракатлар натижасида “Сангар” “Оқтепа”, “Оёқбоғ” маҳаллаларида жорий йил бошидан буён жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган бўлса, “Навбаҳор”, “Истиқлол” маҳаллаларида криминоген вазият босқичма-босқич барқарорлаштирилмоқда.

Академия бошлиғи маҳаллалардаги учрашувлар чоғида “жиноят ўчоқ”ларига барҳам бериш, низоли оилалар билан манзилли ишлаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш, бандлик масалаларини ҳал қилиш, шунингдек ижтимоий профилактика тадбирларини самарали ташкил этиш масалаларига эътибор қаратди. “Маҳалла еттилиги” тизими ходимлари ва масъулларнинг таклифларини тинглаб, тегишли тавсиялар берди.

Ўрганишлар якунида “йўл харита”лар ижросини сифатли таъминлаш, маҳаллаларда “пойтахт намунаси” асосида амалиётга жорий қилинаётган илғор тажрибаларни оммалаштириш, криминоген вазиятни кунлик таҳлил қилиш орқали жиноятларнинг барвақт олдини олиш юзасидан қатор чора-тадбирлар белгилаб олиниб, ижрога қаратилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech