Бугунги кунда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ва криминоген вазиятни барақарорлаштириш масаласига комплекс тарзда ёндашилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Чарх Камолон-2” маҳалласида бўлди.
Ўрганишлар давомида “маҳалла еттилиги”нинг аҳоли билан манзилли ишлаш фаолияти, ҳудудлардаги муаммолар, жиноятчилик ҳолати, ҳуқуқбузарликларнинг асл омиллари ва барвақт олдини олиш чоралари таҳлил қилинди.
Криминоген вазиятни яхшилаш учун аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини доимий равишда ўрганиб бориш, уларни ҳал қилишга кўмаклашиш, ҳар бир хонадонга кириб бориб фуқаролар билан манзилли суҳбат ўтказиш, профилактик ишлар натижадорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.
“Жиноятчиликни жиловлаш фақат маҳалла ҳудуди билан чекланиб қолмаслиги керак. Чунки шу ерда истиқомат қилаётган шахс бошқа маҳаллага бориб ҳуқуқбузарлик содир этиши мумкин. Хавфсиз муҳитни шакллантиришда мазкур жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш, ижтимоий профилактика механизмларини кучайтириш лозим”, - деди академия бошлиғи.
Мулоқот чоғида маҳаллага бириктирилган ишчи гуруҳларнинг криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга ошираётган чора-тадбирлари юзасидан ахбороти тингланди.
Ҳудудларни замонавий техник воситалар билан жиҳозлаш, объектларни қўриқловга олишни кенгайтириш орқали маҳаллада хавфсиз муҳитни шаклантириш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлашга қўшимча куч ва воситаларни жалб қилиш каби чора-тадбирлар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати