Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ЯНГИ ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИМИЗНИНГ МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

09 Декабрь 2021, 09:12

1747

Президентимиз Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида: “Ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз”, дея алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, ҳар бир давлат ўз истиқлоли ва тараққиёт йўлини танлар экан, биринчи навбатда, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ҳамда вазифаларини ўз Конституциясида мустаҳкамлаб олади. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Асосий қонунимизда мустақил давлатимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, бошқарувнинг демократик принциплари, жамият ривожланишининг стратегик йўналишлари мустаҳкам кафолатланди. 

Ички ишлар вазирлиги академиясида таълим муассасаси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва ўқув курслари курсантлари иштирокида ўтказилган байрам тадбирида Бош Қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳияти эътироф этилди. 

– Юртимизда кечаётган ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – тараққиёт стратегияси сари” деган улуғвор тамойил ҳаётимизга чуқур татбиқ этилмоқда, – деди Академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов. – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида шахс, инсон қадри юқори ўринга қўйилиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев белгилаб берган “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида давлат ва жамият бошқарувини ташкил этиш устувор вазифа этиб белгиланди. Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг фаровонлигини таъминлаш, Бош Қомусимизда ўз аксини топган инсон қадр-қимматини юксак даражада улуғлаш мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Тантанали тадбирда Конституциямиз моҳиятига чуқур сингдирилган халқчил тамойиллар тараққиёт йўлимизнинг ҳар бир босқичида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани эътироф қилинди. Мамлакатимизни янада тараққий топтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, шунингдек ички ишлар органларининг фаолият самарадорлигини оширишда Асосий Қонунимиз мустаҳкам пойдевор эканлиги алоҳида таъкидланди.

Байрам муносабати билан соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг касбий ҳамда маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтиришда жонбозлик кўрсатаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар, шунингдек мамлакатимиз ва халқаро майдонларда юқори натижаларга эришган ҳамда намунали хулқи, аъло ўқишлари ва жамоат ишларидаги фаоллиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган курсантлар Академия бошлиғининг буйруғи билан тақдирланди.  

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech