Мамлакатимизда ёшлар билан манзилли ишлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, ички ишлар органлари учун ватанпарвар, билимли, масъулиятли ва замонавий фикрлайдиган кадрларни тайёрлаш бугунги ислоҳотларнинг муҳим бўғини ҳисобланади.
Ёшлар куни муносабати билан ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви доирасида бир гуруҳ иқтидорли курсантлар билан самимий мулоқот қилди.
Тадбир аввалида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати мутлақо янги босқичга кўтарилгани, муҳтарам Президентимиз томонидан ёш авлоднинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, ички ишлар органларида замонавий фикрлайдиган, халқчил ҳамда ватанпарвар кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Академия бошлиғи бугунги кунда курсантлар олдида турган муҳим вазифаларга тўхталиб, замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришга, хорижий тилларни мукаммал эгаллашга, ахборот технологияларидан самарали фойдаланиб, танлаган касбининг етук мутахассиси бўлишга чақирди. Шунингдек, ички ишлар органлари ходими учун мардлик, қатъият ва хизмат бурчига виждонан ёндашиш энг муҳим мезонлардан эканини қайд этди.
“Сизлар академиянинг энг фаол ва иқтидорли ёшлари сифатида тенгдошларингизга ўрнак бўлишингиз керак. Бугун олган билим ва кўникмаларингиз эртанги хизмат фаолиятингиз учун мустаҳкам пойдевор бўлади. Энг муҳими, танлаган касбингизга содиқ бўлиб, халқимиз ишончини оқлашга доимо тайёр туришингиз зарур”, – деди Р. Хатамов.
Учрашувда курсантларнинг ўқишдаги ютуқлари, илмий-ижодий изланишлари, ташаббуслари ва келгусидаги мақсадлари юзасидан фикр алмашилди. Ёшлар ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазалари, таклифлари ҳамда амалий режалари билан ўртоқлашди. Билдирилган масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида ўқишдаги муваффақиятлари, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ ёшлар Академиянинг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати