Юртимиз ёшлари учун яратилаётган улкан имкониятлар уларнинг хорижий тилларни мукаммал ўрганишига кенг йўл очмоқда.
ИИВ академиясида таълим олаётган курсантлар орасида ҳам инглиз, турк, хитой ва бошқа хорижий тилларни пухта билувчи иқтидорли ёшлар кўп. Улар машғулотлар жараёнида мулоқотлар уюштириб, турли танлов ва беллашувларда иштирок этиб, билим ва салоҳиятларини ривожлантириб келаяптилар.
Ана шундай тадбир Хорижий тиллар маркази ташаббуси билан инглиз тили билимдонлари ўртасида ташкил этилди. Шу куни курсантлар “Геосиёсий майдонда Ўзбекистон: миллий манфаатлар, устувор тамойиллар ва ҳамкорлик истиқболлари” мавзуида эркин мулоқот қилдилар. Марказ мутахассислари томонидан сўзлашувда грамматика қоидаларига амал қилиш, фикрни равон ва мантиқий изчилликда баён этиш, атамаларни тўғри қўллаш ва бошқа муҳим жиҳатлар баҳолаб борилди.
Дебат якунида хулосалар таҳлил қилиниб, ёшларга зарур тавсиялар берилди. Муҳими, амалий машғулот курсантларнинг чет тилида мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантиришда жудаям фойдали бўлди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати