Фахрийлар – ибрат мактаби, жамият устуни саналади. Уларнинг ҳаёт йўли, бой тажрибаси келгуси авлодлар учун қадрли бўлиб келган. Бугун ҳам шундай.
Янги йил байрами олдидан Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбарияти ташаббуси билан фахрийлар ҳолидан хабар олиниб, уларга меҳр-мурувват кўрсатилди.
Таълим муассасаси раҳбари Рустам Хатамов истеъфодаги подполковник Людмила Чудаева хонадонида бўлиб, унга байрам туҳфаларини топширди. Самимий суҳбат чоғида муҳтарам Президентимизнинг ташаббус ва ғамхўрликлари билан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ишлар эътироф этилди.
Соҳа фахрийси инсон қадри улуғланган юртимизда нуронийлар жамият ҳаётининг муҳим вакилларига айлангани, шогирдлари йўқловидан мамнунлигини таъкидлади. – Бугун хонадоним янада файзли бўлди. Биз каби ёши улуғларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилаётгани умримизга умр қўшади, албатта. Ҳаётнинг мазмуни ҳам шунда аслида, – деди у.
Дарҳақиқат, ҳаётда муносиб из қолдирган инсонларнинг пурмаъно ўгитлари ёшлар учун ибрат мактабидир. Байрам муносабати билан ташкил этилган хайрли тадбир таълим муассасасида кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, инсоний фазилатлари билан эъзоз топган фахрийлар хонадонида давом эттирилди.
Бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар Илҳом Мавлонов, Акмал Акилов, Иброҳим Саидаҳмедов хонадонида бўлиб, академия раҳбариятининг байрам тилаклари ва совғаларини етказдилар. Жондан азиз фарзандлари даврасида умргузаронлик қилаётган фахрийлар ҳаёт йўллари, хизмат машаққати ва ютуқлари ҳақида сўзлаб, ёшларга қимматли насиҳатларини улашдилар. Шогирдларининг ҳурмат-эҳтиромидан миннатдорлик ҳисларини туйдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати