Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов академияда таълим олаётган тингловчилар ва курсантлар билан мулоқот қилди.
Магистратурада бўлиб ўтган тадбирда тергов фаолиятида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида амалиётга жорий қилинаётган механизмлар, шу билан бирга, соҳа олдида турган долзарб вазифалар хусусида сўз борди.
Вазир ўринбосари кейинги йилларда ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш фаолияти тубдан ислоҳ қилингани, соҳадаги янгиланишлар жамиятда инсон қадрини улуғлашдек эзгу ғояга хизмат қилаётганини таъкидлади. Бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида, хусусан, ишни судга қадар юритиш босқичида айрим муаммолар мавжудлиги, бу борада тизимли чора-тадбирлар кўрилаётгани қайд этилди.
Очиқ мулоқотда муаммолар таҳлил қилиниб, раҳбар кадрлар олдида турган устувор вазифалар, мамлакатимизда кечаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг долзарб талаблари етказилди.
Шунингдек, вазир ўринбосари кундузги таълимнинг “тергов фаолияти” ихтисослик йўналишида таҳсил олаётган курсантлар билан ҳам учрашди. Очиқ мулоқотда ёш кадрлар амалиётда дуч келаётган муаммолар, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар, содир этилган жиноятларга тўғри ҳуқуқий баҳо бериш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ички ишлар органларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар даврида соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилгани, академия таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида илғор ёндашувлар йўлга қўйилгани, курсантлар касбий билимларни мукаммал эгаллаган ҳолда амалиётга юқори малакали кадр сифатида бориши зарурлиги таъкидланди.
Учрашувда ёшларга кўплаб тавсиялар берилди. Йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати