Магистратура тингловчилари хориж тажрибасини ўрганиш мақсадида Боку шаҳрида бўлди.
Хизмат сафари Ўзбекистон ва Озарбайжон Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги икки томонлама манфаатли ҳамкорлик доирасида ташкил қилинди.
Тингловчилар “Хавфсиз шаҳар” маркази, Тезкор ҳаракатланувчи кучлар полки, Транспортни интеллектуал бошқариш маркази фаолиятини ўрганиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, криминоген хавф-хатарларни олдини олиш, оммавий тартибсизликлар пайтида куч-воситаларни бошқариш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалиётга жорий қилинган инновацион тизим ҳамда ёндашувлар билан танишдилар.
Бундан ташқари, Озарбайжон ИИВ академиясининг тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан “Ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш хизматлари фаолиятини бошқаришнинг ҳуқуқий ва тактик асослари”, “Жиноятчиликка қарши курашишда тезкор техник воситаларни қўллашнинг тактик асослари”, “Оммавий тадбирларни ўтказишда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг ташкилий ва тактик асослари”, “Кибержиноятларга қарши курашишни ташкил этиш” мавзуларида ўқув машғулотлари ташкил қилинди.
Машғулотлар якунида тингловчиларга сертификатлар топширилди. Муҳими, хориж сафари давомида ўрганилган илғор жиҳатлар тингловчиларнинг замонавий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати