Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

“Илмга интилиш ҳам ватанпарварлик”

19 Февраль 2024, 09:02

930

Ички ишлар вазирлиги академиясида Ўзбекистон халқ шоири, “Жадид” гезетаси бош муҳаррири Иқбол Мирзо билан учрашув бўлиб ўтди.

Таниқли ижодкор даставвал ўқув даргоҳида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Янги Ўзбекистон ёшлари учун яратилган улкан имкониятларни кўздан кечирди. Ёш авлодни илм-маърифатли қилиш, китоб ва адабиётга ошно этиш, буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш йўлида олиб борилаётган эзгу ишларни эътироф этди.

Академия раҳбари билан мулоқот чоғида ватанпарварлик тарбиясининг долзарб аҳамияти ҳақида сўз борди. Янгиланаётган жамиятимизда миллий ўзлигини англаган, юксак билим ва тафаккурга эга ёшларни камол топтириш устувор мақсадлардан бири эканлиги айтилди. Бу борада академияда йўлга қўйилган илғор ёндашувлар чинакам халқпарвар кадрларни етиштиришга хизмат қилаётгани қайд этилди. 

Шундан сўнг “Жадид” газетаси ижодкорлари иштирокида “Аждодлар мероси – миллат хазинаси”  мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Иқбол Мирзо ҳозирги мураккаб даврда маърифатпарвар боболаримиз фаолиятини кенг ўрганиш, ҳаётини ёшларга ибрат сифатида кўрсатиш маънавий эҳтиёжга айланганини алоҳида таъкидлади.

– Бугунги авлод миллатимиз фидойиларини ёзувчи, шоир бўлганликлари учун яхши билади. Асарларини мутолаа қилади. Аммо уларнинг мустамлака зулми остидаги маънавий курашларини теран англамайди. Абдулҳамид Чўлпон миллат адабиётсиз яшай олмаслигини ва охир-оқибат инқирозга юз тутишини 16 ёшидаёқ “Адабиёт надир?” мақоласида баралла  айтганди. Аслида, бу улкан маънавий жасорат эди. Жадид боболаримиз халқни маърифатли, юртни озод қиламан, деб, ўз ҳаётларини қурбон қилганлар. Шунинг учун ҳам улардан маънавий қарздормиз. Биз ёшларни она Ватанимиз ва халқимизга садоқатли инсонлар этиб тарбияласак, ўйлайманки, аждодларимизга муносиб иш қилган бўламиз, – деди у. 

Таниқли шоир муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган “Жадид” адабий, илмий-маърифий ва ижтимоий газетасига ҳам тўхталди. Ўтган қисқа фурсат ичида нашр хайрихоҳлари сафи кенгайиб, жадид боболаримиз ғояларини тарғиб қилиш учун улкан адабий майдон юзага келгани таъкидланди.  

Учрашув давомида шоирнинг шонли тарихимиз, Ватанимиз ва инсоний фазилатларни улуғлаган шеърлари тингланди. Бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан саҳналаштирилган “Чўлпон” спектакли барчага манзур бўлди. Ижодий ҳамкорлик йўлида академия ахборот-ресурс маркази фондига Алишер Навоийнинг “Хамса” достонлари туҳфа қилинди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати  

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech