Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Илм, фан ва таълимда хотин-қизларнинг ўрни

19 Февраль 2025, 09:02

130

ИИВ Академиясида Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни муносабати билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда олима аёллар, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этди.

Тадбирни Академия бошлиғи ўринбосари Бобур Дадажонов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, натижада аёллар жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида етакчи ўринларни эгаллаб, таълим, маданият ва илм-фан ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келаётганлигини таъкидлади.

Давра суҳбатида ИИВ Маънавий-маърифий ишлар хизмати бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Наргиза Миржалолова, ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи  ўринбосари Умида Абдуллаева, Тошкент давлат юридик университети, Давлат ва ҳуқуқ кафедраси профессори Феруза Муҳитдинова, “Шарқ аёли” халқаро аёллар жамғармаси раиси Саодат Турсунбаева, ИИВ Академияси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти кафедраси профессори Адина Закирова, Маъмурий ҳуқуқ кафедраси профессори Сорахон Ахмедова ҳамда Давлат-ҳуқуқий фанлар ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш кафедраси бошлиғи Каринэ Джаваковалар сўзга чиқишди.

Тадбирда сўз олганлар “Гендер тенглиги тўғрисидаги қонун – ким учун?”, “Ўзбекистонда аёлларнинг тазйиқ ва зўравонлигини олдини олишда тизимли ишлаш самарадорлиги”, “Аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг кафолатлари”, “Илмий тадқиқотларда аёллар фаоллигини ошириш”, “Грант ва илмий-тадқиқотларни ривожлантиришда ахборот технологияларини ўрни” ва  “Ҳамма нарса аёлларнинг ўз қўлида” каби мавзуларда маъруза қилдилар.

Иштирокчилар томонидан жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш каби масалаларда фикрлар алмашилди.

Тадбир якунида илм-фан соҳасида фаоллиги билан ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизлар Академия бошлиғининг буйруғи билан қиммат баҳо совғалар билан мукофотланди.

 

                          ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech