Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Шон-шараф” музейида “Иккинчи жаҳон уруши: илмий тадқиқотлар ва тарихий маълумотлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда мудофаа вазири ўринбосари Ҳамдам Қаршиев, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов, Италиянинг мамлакатимиздаги элчиси Гвидо Де Санктис, шунингдек парламент аъзолари, хорижий меҳмонлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида “Матонат мадҳияси” монументи пойига гулчамбарлар қўйилди.
Ялпи мажлисда “Иккинчи жаҳон уруши ва фронторти қатнашчиларини эъзозлаш – Ўзбекистон ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири”, “Хотира – халқ дипломатияси пойдевори”, “Иккинчи жаҳон уруши йиллари Ўзбекистоннинг ҳиссаси: рақамли гуманитар ёндашув”, “Киноҳужжатлар – Иккинчи жаҳон уруши тарихини ўрганишда муҳим манба”, “Фронт йиллари аёлларнинг жасорати” ва бошқа мавзуларда чиқишлар қилинди. Италияда нашр қилинган “Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” номли китоб-альбомнинг тақдимоти ўтказилди.
Конференция шўъбаларида “Ўзбекистон халқининг нацизм устидан қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссаси”, “Иккинчи жаҳон урушини хронологик даврлаштириш масалалари”, “Фронт йиллари Ўзбекистондаги ҳарбий саноат”, “Ўзбек партизан жангчиларининг қаҳрамонликлари тарихий манбаларда”, “Фронт ортида ўзбекистонликлар кўрсатган матонат”, “Уруш йиллари Ўзбекистонга кўчирилган миллат ва элатлар ҳамда уларнинг тақдири” ҳамда бошқа мавзуларда маърузалар тингланди.
Тадбир иштирокчилари учун “Ғалаба” боғи ва “Шон-шараф” музейига саёҳат уюштирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати