Икки элнинг азиз фарзанди
ИИВ академиясида қирғиз халқининг буюк фарзанди, атоқли ёзувчи ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовга бағишланган адабий кеча ўтказилди.
Хорижий факультет ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти вакиллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда курсантлар қатнашди.
Чингиз Айтматов нафақат қирғиз, балки жаҳон адабиётининг етук намояндаси эканлиги, адибнинг гуманизм ғоялари билан суғорилган асарлари қардош халқлар ўртасида маънавий кўприкка айлангани эътироф этилди.
Дунёнинг кўплаб мамлакатлари сингари юртимизда ҳам Чингиз Айтматов китоблари катта қизиқиш билан мутолаа қилиниши, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Алвидо, Гулсари”, “Оқ кема”, “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим” ва бошқа асарлари ўзбек китобхонлари қалбидан чуқур жой олгани айтиб ўтилди.
Тадбирда таниқли шоира Абадан Турдимуратова, адабиётшунос олим Анвар Аллаберганов сўзга чиқиб, адибнинг ҳаёти ва ижодига тўхталиб ўтишди. Ёзувчи ўз асарлари орқали башариятга дахлдор глобал муаммолардан инсониятни огоҳ этиб, фақат эзгуликка даъват этгани учун ҳам умрбоқийлик касб этаётгани таъкидланди.
Шу куни курсантлар учун Чингиз Айтматов асарлари бўйича викторина ҳам уюштирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати