Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ИИВ Академиясининг кундузги таълим бакалавриатига қабул имтиҳонлари бўлиб ўтди

09 Июль 2024, 04:07

1587

ИИВ Академиясида жорий йилнинг 24 июнь кунидан 7 июль кунига қадар “Абитуриент – 2024” имтиҳонлари бўлиб ўтди. Унда 3 мингдан зиёд номзод таълим муассасасининг кундузги таълим бакалавриатида ўқиш истагини билдириб, имтиҳонларда иштирок этди.

Кириш имтиҳонлари 2 босқичда – махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат тарзида амалга оширилди. Дастлабки босқичда ҳар бир номзоднинг саломатлик ҳолати, ёзма нутқи ва саводхонлиги, хорижий тиллардан бирини қай даражада ўзлаштиргани ҳамда умумжисмоний тайёргарлиги синовдан ўтказилди. “Эксперт-криминалистика фаолияти” ихтисослик йўналиши бўйича ҳужжат топширган номзодлардан танлаган соҳасининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ёзма иш (баён) ўрнига кимё ва физика фанидан оғзаки, хорижий тилдан тест синовининг ўрнига математика фанидан тест синовлари қабул қилинди.

Юқоридаги синовлардан етарли балларни қўлга киритган номзодлар эса ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон тарихи ва тарбия фанларидан ўтказилаётган якка тартибдаги якуний суҳбатда ўз билимларини намоён этишди.

Айтиш жоизки, имтиҳон жараёнларини шаффоф ўтказиш мақсадида номзодлар учун махсус рақамланган карточкалар жорий қилинган. Яъни ҳар бир номзод имтиҳонни мазкур карточка орқали топширади ва унинг шахсига доир маълумотлари ошкор қилинмайди. Жараён якунида эса улар олган баллар ўқиб эшиттирилади. Бундан ташқари кунлик натижалар ИИВ Академияси расмий телеграм каналида эълон қилиб борилди.

Имтиҳонлар ИИВ соҳавий хизматлари, етакчи олий таълим муассасалари мутахассислари ҳамда Академия профессор-ўқитувчилари томонидан қабул қилинди. Яна бир муҳим жиҳати, тиббий кўрикдан якуний суҳбатгача бўлган барча босқичлар онлайн вақт режимида видеотасвирга туширилди. Бу эса натижадан кўнгли тўлмаган номзодларнинг мурожаатларини холисона кўриб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий ўқув йилида Академиянинг кундузги таълим бакалавриатига 7 та – “тезкор-қидирув фаолияти”, “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “эксперт-криминалистика фаолияти”, “жазони ижро этиш фаолияти”, “хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш”, “ташкилий-штаб фаолияти”, ҳамда “пробatsiя фаолияти” ихтисослик йўналишлари бўйича номзодлар қабул қилинади.

Номзодларнинг якуний натижалар ИИВ Академияси расмий телеграм каналида эълон қилинади.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech