Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

ИИВ академияси халқаро тузилмага аъзо бўлди

8 Май 2026, 22:17

86

4–6 май кунлари Туркий давлатлар полиция академиялари платформаси (TÜRKPAP) аъзолари Боку шаҳрида йиғилдилар.

Дастлаб Туркия, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжон таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида Бош ассамблея йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати, жаҳонда рўй бераётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, глобал шароитда манфаатли алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Сўзга чиққанлар халқаро тузилма Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида таълим интеграциясини кучайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлаб, келгусидаги устувор йўналишларга эътибор қаратди.

Халқаро тузилма доирасида кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик йўлида умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш, долзарб муаммоларнинг ечими бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, бу борада туркий давлатларнинг улкан салоҳиятидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан муҳим қарорлар қабул қилиниб, ўзаро англашув меморундуми имзоланди.

Шундан сўнг “Полиция таълимида трансформация: сунъий интеллектдан виртуал реалликка ўтишнинг инновацион ёндашувлари” мавзуидаги конгресс ўз ишини бошлади. Анжуманда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, таълим жараёнида рақамли технологиялар имкониятларини кенгайтириш, илғор тажрибаларни амалиётга жорий қилиш юзасидан фикр алмашилди.

Конгесснинг иккинчи куни Ички ишлар вазирлиги академиясини Туркий давлатлар полиция академиялари платформасига қабул қилишга бағишланган маросим билан бошланди. Ҳужжат имзолаш маросимидан сўнг академия бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар азалий дўстлик ва қардошлик руҳи билан барқарор равнақ топаётганини эътироф этди. Халқаро муносабатларда янги муҳитнинг шаклланаётгани манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқишини алоҳида таъкидлади.

Анжуман давомида Озарбайжон, Ўзбекистон, Венгрия, Туркия вакилларининг “Жиноятчиликка қарши курашишда замонавий технологияларни қўллаш”, “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кадрларини тайёрлашда мослашувчан таълим платформаларини жорий этиш”, “Полиция тизимида сунъий интеллект ва виртуаллашиш: кибержиноятларни тергов қилиш мисолида” ҳамда бошқа мавзудаги чиқишлари тингланди. Соҳага оид илғор ёндушув ва тажрибалар тақдимот қилинди. Шу ернинг ўзида ИИВ академияси фаолиятига оид видеоролик ҳавола этилди.

Якунда таълимни замонавий трансформациялар жараёнига мослаштириш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида тажриба алмашинувини кенгайтириш, амалиётга илғор ёндашувларни жорий қилиш, соҳа учун бошқарув кадрларини тайёрлаш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Шундан сўнг нуфузли анжуман иштирокчилари Озарбайжон полиция академияси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларга кадрлар тайёрлашдаги инновацион янгиликлар, рақамли технологияларга оид илғор ечимлар, таълим олувчилар учун яратилган замонавий шароитлар намойиш қилинди.

Айтиш жоизки, Боку сафари чоғида ҳамкор таълим муассасалари ўртасида икки томонлама учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. ИИВ академияси раҳбари Рустам Хатамов Туркия миллий полиция академияси бошлиғи Мурат Балчи, Озарбайжон полиция академияси бошлиғи Жанполад Даанов, Людовник номидаги Венгрия давлат бошқаруви университети Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти факультети раҳбари Габор Ковач билан мулоқот қилиб, манфаати алоқаларни кенгайтириш масалалари бўйича фикр алмашди. Томонлар ўзларини қизиқтирган йўналишларда муҳим келишувларга эришдилар.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech