20 апрель куни Самарқандда “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусида глобал форум бўлиб ўтди.
Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ҳамда БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган форумда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, қатор давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари, хорижий ва миллий экспертлар, соҳа мутахассислари қатнашди.
Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум қатнашчиларига мурожаатини Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди.
Бугунги таҳликали замонда трансмиллий таҳдидлар кўлами кенгайиб бораётгани, аҳоли, айниқса ёшлар орасида янги синтетик наркотиклар, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар кенг тарқалаётгани, бу жараёнлар нафақат хавфсизлик ва барқарорликка, балки инсон ҳаёти ва саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётгани айтиб ўтилди.
Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш масаласига умуммиллий ҳаракат сифатида барча куч ва воситалар сафарбар қилинаётгани, кейинги йилларда мазкур соҳада идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, профилактика механизмларини ривожлантиришга қаратилган 20 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, айниқса Наркотикларга қарши курашиш бўйича миллий стратегия қабул қилингани эътироф этилди.
Форумда наркотикларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш самарадорлигини ошириш, илғор халқаро тажрибаларни тизимли ўрганиш ва амалиётга жорий этиш, замонавий наркотаҳдидларга қарши комплекс ёндашувларни ишлаб чиқиш, рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш, гиёҳвандликка қарши курашишда давлатлараро ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Форумнинг шўъба мажлисларида гиёҳвандлик ва наркотаҳдидларга қарши курашишда таълим ва профилактика, халқаро ҳамкорлик, гиёҳвандларни даволашнинг самарали усуллари, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти, наркотиклар устидан назоратнинг илмий-инновацион ёндашувлари каби мавзуларга эътибор қаратилди. Шу билан бирга, халқаро кўргазма ташкил қилиниб, наркожиноий уюшган гуруҳларга қарши курашишда қўлланилаётган рақамли технологиялар, замонавий техник воситалар, маҳаллий ишлаб чиқарилган махсус жиҳозлар намойиш этилди.
Айтиш жоизки, халқаро форум ва унинг доирасида ўтказилган анжуманларда ИИВ академияси раҳбари Рустам Хатамов бошчилигида профессор-ўқитувчилар ҳамда курсантлар ҳам фаол қатнашди. Айниқса, халқаро кўргазма чоғида академияда йўлга қўйилган замонавий таълим жараёнлари, “наркожиноятларга қарши курашиш” ихтисослик йўналишида тайёрланаётган кадрлар, дуал таълим асосида назарий ва амалий машғулотларга жорий қилинган инновацион ёндашувлар тақдимот қилинди.
Махсус павильонларда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар бўйича махсус тадқиқотларни ўтказиш, уларни содир этган шахсларни аниқлаш ва қўлга олиш, интернет маконидаги наркожиноятларни фош этишнинг симуляцион тарзда намойиш қилингани, таълим муассасасида мазкур долзарб муаммонинг ечимлари борасида олиб борилаётган илмий-амалий тадқиқот ишлари натижалари форум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Яна бир жиҳати, халқаро форум ҳамкор ташкилотлар билан фаол мулоқот қилиш имконини яратди. ИИВ академияси бошлиғи қўшни Тожикистон, Қирғизистон давлатларининг турдош олий таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашиб, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди. Самарали учрашувлар якунида таълим соҳасида манфаатли алоқаларни чуқурлаштириш ва янги имкониятлар билан бойитишга келишиб олинди.
Бир сўз билан айтганда, нуфузли анжуман наркотаҳдидларга қарши курашишда ягона ёндашувни шакллантириш, халқаро ва минтақавий даражада самарали ҳамкорлик механизмларини кенгайтириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати