Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Ҳуқуқбузарликлар барвақт олди олинмоқда

09 Октябрь 2025, 08:10

31

Жиноятчиликни жиловлашнинг янгича тизим асосида ташкил этилаётгани маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратишда муҳим омил бўлмоқда.

Бу борадаги чора-тадбирлар давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш натижадорлигини оширишга қаратилган қарорлари асосида амалга оширилмоқда.

Айтиш жоизки, республикамизнинг криминоген вазияти мураккаб ҳудудлари қаторига Бухоро шаҳридаги “Садриддин Айний”, “Аҳмад Дониш”, “Шайх-ул Олам”, “Низомий Ганжавий” ҳамда Ғиждувон туманидаги “Помўза” маҳаллалари ҳам киритилган. Ҳозирда ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари томонидан мазкур маҳаллаларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Жойларга чиқилганда ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг сабаб ва шароитлари илмий ёндашувлар асосида ўрганилиб, “маҳалла еттилиги” вакиллари билан биргаликда криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар аниқлаш, уларни бартараф этиш, ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш, тизим натижадорлигини янада ошириш чоралари кўрилмоқда.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти факультети бошлиғи, ишчи гуруҳ раҳбари, подполковник Санжар Шариповнинг айтишича, маҳаллаларда сўнгги беш йилда қайд этилган жиноятларнинг геоинформацион харитаси шакллантирилди. “Жиноят ўчоқ”ларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича тегишли идора ва ташкилотларга таклифлар киритилди. Шу асосида ҳудудларга 58 та ташвиш тугмаси, 57 та замонавий камера ўрнатилиб, 20 дан ортиқ объект техник қўриқловга олинди, шунингдек ижтимоий профилактика объектлари билан амалга ошириладиган манзилли чора-тадбирлар белгиланди.

Ишчи гуруҳ томонидан “маҳалла еттилиги”нинг иш тажрибаси, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада сайёр машғулотлар ўтказиб келинмоқда. Уларнинг фаолияти мониторинг қилиниб, маҳаллаларга методик ёрдам кўрсатилмоқда.

Шу ўринда, ҳамжиҳатликда олиб борилаётган ўрганишлар ижобий натижа кўрсатиб, август–сентябрь ойлари давомида мазкур маҳаллаларда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар содир этилмаганини алоҳида қайд этиш жоиз. Аслида, фаолиятдан кўзланган мақсад ҳам шу.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech